Табиат муҳофазаси – муқаддас бурч!

553752-1680x1050

Ҳар бир инсон она замин қучоғида улғаяр экан, зиммасига бир қанча муқаддас бурч ва шу тупроққа масъуллик ҳисси юклангандир. Атроф- муҳитни, азиз неъматларни асраб-авайлаш, унга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, севиш ва ардоқлаш ҳар кишининг ҳам инсоний ҳам фуқаровий ажралмас бурчидир.  Табиат муҳофазаси эса ана шундай эзгу мақсадларнинг энг улуғидир.

Бу бурч инсоннинг атрофмуҳитга салбий таъсири юзага келган узоқ ўтмишдан яхши маълум. Табиатни муҳофаза қилиш деганимизда ҳозирги ва келгуси авлодларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва атрофмуҳитни мусаффо ҳолида сақлашга қаратилган, илмий асосда амалга ошириладиган маҳаллий, давлат ва халқаро тадбирлар мажмуи тушунилади.

Экологияни сақлашнинг асосий вазифалари ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндисиз ишлаб чиқаришни жорий этиш, табиатни ифлосланишидан сақлаш, салбий ўзгаришларни башорат қилиш, уларнинг олдини олиш, ҳозирда йўқолиб бораётган ўсимлик ва ҳайвон турларини муҳофазасига жиддий эътибор қаратишдан иборатдир.

Табиатни муҳофаза қилишнинг тарихи бир неча минг йилга бориб тақалади. Бунга мисол қилиб, Вавилон давлатининг бундан 4 минг йил олдин ўрмонларни муҳофаза қилиш соҳасида чоралар кўрилганлиги, бу чораларни бузган кишилар қаттиқ жазоланганлигини ва ҳатто ўлимга маҳкум қилинганлигини айтиш мумкин.

Ўрта асрларда яшаб ижод этган буюк бобокалонларимиз Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино ва бошқалар табиий фанларнинг ривожланишига катта ҳисса қўшганлар. Улар ҳали экология фани дунёга келмаган даврда табиат ва ундаги мувозанат, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиатни эъзозлаш, асраб-авайлаш ҳақида ўзларининг қимматли фикрларини айтганлар.

Буюк аллома Муҳаммад Мусо ал — Хоразмий бобомиз ўз рисолаларининг бирида шундай ёзади:

“Билингки, дарёнинг кўзлари ёшланса, унинг бошига кулфат тушган бўлади. Одамлар, дарёдан меҳрингизни дариғ тутманглар”…

Мутафаккирларнинг фикрича, тарихга икки хил нуқтаи назардан ён­да­шилган. Уларнинг бири – табиат, иккинчиси – инсоният тари­хи­дир. Ле­кин улар узвий боғлиқ, ўзаро алоқадор. Чунки, инсон бошқа тирик жон­зот­лардан тубдан фарқ қилади. Инсон моддий ва маънавий маданияти ўртасидаги уйғунлик тарихий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучидир. Умуман олганда, моддий ва маънавий ривожланиш босқичлари табиатни муҳофаза қилиш эҳтиёжи билан тўқнаш бўлиб келган.

Бироқ бу муаммога алоҳида эътибор XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошларида вужудга келди. 1864 йили АҚШда Ж.Маршнинг “Инсон ва табиат” китоби чоп этилди. Унда табиатни муҳофаза қилишнинг зарурлиги ҳақида дастлабки фикрлар берилган. 1910 йили Швецарияда Европадаги биринчи табиатни муҳофаза қилиш жамияти тузилган. 1913 йили Бернда табиатни муҳофаза қилиш бўйича халқаро Кенгаш чақирилган. 1948 йилда эса табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи тузилган. Бу ҳаракатлар XX асрнинг иккинчи ярмида айниқса кучайди. Ўзбекистонда табиатни илмий асосда муҳофаза қилиш амалда 1920 йилдан кучайтирила бошланди.

Бу ўз навбатида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, улкан мақсадли режалар тузилиши ва кўплаб натижаларга эришувга сабаб бўлди.

Айниқса, экологиянинг давлат сиёсати даражасигача кўтарилгани, шунингдек, ҳар бир ҳудудларда аҳоли ўртасида олиб борилаётган турли тадбирлар, барча таълим муассасаларида ёшлар ўртасида ўтказилаётган семенар тренинглар, давра суҳбатлари ўқувчилар онгида она табиатга бўлган муҳаббатни мустаҳкамлашга, улар онгида экологик таълим-тарбиянинг тараққий топишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Эшдавлат СУВОНОВ,

“Қалб экологияси” ННТ

лойиҳаси раҳбари

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *