Экологик муаммо — инсоният муаммоси

396598

Одамзод яралибдики соф ҳаводан нафас олишга, соғлом турмуш тарзида умргузаронлик қилишга интилади. Башариятнинг саломатлиги атроф-муҳит билан узвий боғлиқлиги барчамизга аён. Шу боис ён-атрофимизда содир бўлаётган жамики ҳодисалар, экологиямизда вужудга келаётган жиддий муаммолар ҳаётимизга ўз салбий таъсирини ўтказмай қолмайди. Экологик муаммолар инсониятнинг табиатга кўрсатаётган нотўғри таъсирлари натижасида юзага келади.

Табиатдаги тошқинлар, ўрмон ёнғинлари, чанг бўронлари ва бошқа табиий жараёнлар юз бериши одамзод томонидан экологияга етказилаётган зарар билан бирга катта муаммоларни келтириб чиқарди. Ер юзасидаги кўпгина ўрмонлар қирқилиши, катта ҳудудларнинг деҳқончилик ишлари учун ўзлаштирилиши, зарарли газ ва тутунлар тарқаши, чиқиндилар билан кўчалар ифлосланиши ва бу каби кўпгина сабаблар табиатнинг табиий жараёнига путур етказмоқда.

Юртимизда минтақавий ва глобал экологик муаммоларнинг олдини олиш ҳамда ишлаб чиқариш тизимига экологик соф технологияларни жорий этишга давлатимиз томонидан юксак эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ва барқарор ривожланишга таҳдид туғдираётган глобал иқлим ўзгариши таъсирини камайтириш, атроф табиий муҳитга муносабатни яхшилаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Республикамизда табиатни муҳофаза қилишга оид ва долзарб экологик муаммолар етарлича мавжуд. Йирик саноат мажмуалари жойлашган ҳудудлар — яъни Ангрен, Олмалиқ, Чирчиқ ва бошқа жойларда табиатни муҳофаза қилиш, ижтимоий-экотизим ҳолатини яхшилаш лозим. Чунки бу туманлардаги саноат марказларидан чиқаётган турли хил зарарли газлар ва чиқиндилар экологик барқарор муҳитнинг бузилишига олиб келмоқда.

Шунингдек, агросаноат мажмуидаги экологик муаммоларни бартараф этиш, табиатдаги сувларнинг саноат чиқиндилари пестисетлар ва минерал ўғитлар билан ифлосланишини камайтириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини қайта тиклаш, қўриқхоналар ва миллий боғлар тармоғини кенгайтириш юртимизда экологик вазиятни яхшилашнинг мақбул йўлидир.

Аҳолининг саломатлиги учун қулай шароитлар яратиш, биосферавий мувозанатни сақлаш, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ривожланиш самарадорлиги ва барқарорлигини кўзлаган ҳолда табиий ресурслардан фойдаланиш, қайта тикланадиган табиий ресурслар ишлаб чиқариш ва истеъмол жараёнларининг мувозанатини сақлаш, тикланмайдиган ресурсларни ишлаб чиқариш, чиқиндилардан оқилона фойдаланиш, табиатнинг дастлабки турлари ва уларнинг генофондини, ландшафтларнинг хилма-хиллигини сақлаш айни вазифадир.

Шу жумладан шаҳар ва аҳоли яшайдиган пунктларда атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш, санитар-гигеник қоидаларга риоя қилиш, кам чиқиндили технологияларни яратиш, чанг тўпловчи ва тозаловчи янги қурилмаларни яратиш ва уларнинг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, эскирган қурилмаларни яхшилаш ҳамда алмаштириш зарурдир. Агар зудлик билан табиатда вужудга келаётган муаммолар ҳал этилмаса инсоният ва бутун мавжудотнинг ҳаёти хавф остида қолади.

Инсон саломатлигида, унинг яхши яшашида,узоқ умр кечиришида мусаффо ҳаво, тоза сув ва унумли тупроқ, табиий ва фойдали микроэлементларга бой истеъмол маҳсулотларининг ўрни беқиёс. Аммо Орол денгизининг қуриган тубидан кўтарилаётган чанг-тўзон ва тузлар узоқ-узоқ ҳудудларгача етиб бораётгани, Тожикистон Республикасининг Турсунзода шаҳрида жойлашган Алюминий заводидан чиқаётган заҳарли моддалар ва тутунлар жанубий вилоятларимиздаги экологик мувозанатни бузаётгани соғлом турмуш тарзимизга жиддий зарар етказмоқда. Бу каби экологик муаммолар аввало инсониятнинг, яъни бизнинг катта муаммомиздир.

Биз табиатга қараммиз, табиатсиз яшай олмаймиз. Шундай экан барчамиз табиатни асраб-авайлашимиз, ҳар бир қарич еримизни кўз қорачиғимиздек асрашимиз, табиат бойликларидан оқилона фойдаланишимиз, ҳар бир томчи сувни тежаб ишлатишимиз, табиатга доимо ғамхўрлик ҳиссида яшамоғимиз лозимдир.

Эшдавлат СУВОНОВ,

“Қалб экологияси” ННТ

лойиҳаси раҳбари

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *