Экологик маданият – мустаҳкам пойдевор

eco-earth-wallpaper-p8_1024x1024

Экологик маданият бу — табиатнинг ривожланиш қонуниятларини чуқур англаган ҳолда унга зарар етказмай асраб-авайлашдир. Бу маданиятни аҳолига етказиш, тарғибот ва ташвиқот қилиш лозим. Бунинг замирида эса зарур экологик билимларни чуқур ўзлаштириш муаммоси ётади.

Аҳолининг табиатни муҳофаза қилиш олдида турган масъулиятли бурчи ва бу бурчни англаган ҳолда атроф-муҳитга онгли муносабатда бўлиши, ўзида мустаҳкам экологик тарбия, экологик маърифат ва экологик ахлоқни жамлаш ҳиссини яратиши муҳимдир.

Аввало экологик маданият оиладаги тарбиядан бошланади. Оилавий муҳит ва ахлоқий тарбия натижасида фарзандлар онгида атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабат пайдо бўлиши, ёшларнинг табиатни севиши ва ардоқлаши, ҳар бир неъматнинг қадрига етиши муҳим вазифа. Қолаверса, бола тарбиясида ҳозирда жаҳон миқёсида ҳаёт-мамот масаласига айланган экологик дунёқарашни ривожлантириш ҳисси муҳим ўрин тутади.

Айни пайтда, жамоатчилик эътиборини атроф-муҳитни асраш масалаларига қаратиш ғоят долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Шунга кўра, ҳар бир инсонда атроф-муҳитни асраш маданиятини шакллантириш ва юксалтириш барчамизнинг диққат-эътиборимизда бўлмоғи лозим.

Шу мақсадлар сари юртимизда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг органлари, вазирликлар ва идоралар, таълим муассасалари, корхона ва бирлашмалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқаларнинг биргаликдаги сайъ-ҳаракатлари билан кенг аҳоли қатламлари ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларини тарғиб қилиш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.

Табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, азалий анъаналаримизни тиклаш, ҳар бир шахс ва бутун жамиятнинг ахлоқий ҳамда маънавий тарбиясини такомиллаштириш ғоятда муҳим. Экологик маданият тушунчаси,  азалдан барча халқларнинг турмуш тарзида муайян даражада мавжуд бўлса-да, махсус фан сифатида Ғарб олимлари томонидан XX асрнинг иккинчи ярмида илгари сурилган.

Юртбошимиз Ислом Каримов «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» номли стратегик аҳамиятга молик китобида ҳақли равишда таъкидлаганидек: «Маънавий-руҳий тикланиш инсоннинг ерга ва унинг бойликларига бўлган муносабатни ҳам ўз ичига олиши лозим. Цивилизация белгиларини асраб-авайлаш қанчалик зарур бўлса, қишлоқ хўжалиги минг йиллар мобайнида бутунлай суғориладиган деҳқончиликка асосланган минтақада ер ва сувни асраб-авайлаш ҳам шунчалик муҳимдир. Ер, хаво, сув ва олов (Қуёш) Марказий Осиёда қадимдан эъзозлаб келинган, аждодларимизнинг зардуштийликдан тортиб то исломгача бўлган барча динлари томонидан муносиб қадрлаб келинган”.

Экологик маданият кўп жиҳатдан ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият ва унинг жамиятдаги эгаллаган мавқеига ҳам боғлиқдир. Шу боисдан ҳам эко­ло­гик тарбиянинг ҳуқуқий асоси табиатни муҳофаза этишга доир қо­нун­лар­да, фуқароларнинг конституцион ҳуқуқ ва бурчларида ўз ифодасини топ­ган. Норматив ҳужжатлар кишининг табиат неъматларига ақл билан ён­да­шиб, ундан тежамкорлик билан фойдаланишини қонун доирасида назо­рат қи­ла­­ди.

Бугунги кунда дунё миқёсида юз бераётган умумбашарий, минтақавий ва маҳаллий экологик муаммоларни имкон қадар ҳал этиш ва экологиямизни яхшилаш ва экологик таназзулнинг олдини олиш учун аввало экологик маданиятимизни мустаҳкамлаш, бу маданиятни аввало қалбимизга сингдиришимиз лозимдир. Шундагина қалбимизда улкан бир экологик дунёни барпо этамиз ва бу дунёга бўлган мустаҳкам муҳаббатни кашф этамиз.

Эшдавлат СУВОНОВ,

“Қалб экологияси” ННТ

лойиҳаси раҳбари

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *